Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


 
 
Опции темы Опции просмотра
Старый 29.09.2019 09:13   #37  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Сайёҳлар сафар таёқларини остона яқинига суяшди, эгнидаги плашларини ечиб, девордаги илгакларга осишди. Мерри ҳаммани ортидан эргаштириб, йўлакнинг нариги бошидаги эшиклардан бирини очди. У ердан ўчоқ шуласи билан буғ чиқди.

- Ҳаммом! - хитоб қилди Пин. - О, Худонинг марҳаматига сазовор бўлгур Мериадок!

- Ювиниш навбати қандай бўлади? - сўради Фродо. - Ёши катталар кириб чиқишадими олдин, ё абжирлар? Нима бўлган тақдирда ҳам, охирги бўлиб сиз кирасиз, мистер Перегрин.

- Ҳаммасини ташкиллаштириб бўлганман, - деди Мерри. - Келинглар, Крикхэллоудаги ҳаётимизни ювиниш учун навбат талашиб жанжаллашдан бошламайлик. Ичкарида совун-сочиқлар етарлича бор. Киринглар, тезроқ бўлинглар.

Мерри билан Фредегар йўлакнинг нариги бошида жойлашган ошхона томон йўл олиб, кечки овқат тайёрлашга киришиб кетишди. Кутилмаганда Пин Бильбонинг ҳаммомда айтишни ёқтирадиган қўшиқларидан бирини овози борича чўзиб қолди:

Айтгин қўшиқ, ҳой ҳоббит! Иссиқ сувга кир, яша!
Сафар кири, ташвишини танангдан ювиб ташла!
Таши исқирт, ичи ирқит иссиқ сувни ёқтирмас,
Сен ундай эмас, сен ҳоббитсан, баданингни ишқала!

Ёмғир ёғиб, қатралари бир ажиб куй чаладир,
Тоғ бағрида оққан булоқ суви роса мазадир!
Иссиқ сувдан чиққан буғ вужудингни ёндирар,
Ювин ҳоббит ҳаммомда сен, ғуборларинг чиқадир!

Фавворанинг устунлари осмонни қайноқ ўпар,
Сулув қизнинг қоматидай бир чиройли кўринар,
Лек ҳаммомнинг бўсаси иссиқдир мисоли буғ.
Ювин ҳоббит, хушбуй сувда вужудинг кучга тўлар!

Сувнинг шапиллаши билан Фродонинг «вой-вой»лаб бақиргани эшитилди. Ҳаммом эшигини тақиллатган Мерри ювинаётганлардан сўради:

- Кечки овқат билан муздай пивога нима дейсиз?

Ҳаммомдан биринчи бўлиб бошини артаётган Фродо чиқиб келди.

- Бу ернинг ҳавоси шу қадар намки, бошимни ошхонада қуритганим маъқул, - деди у.

- Йўғ-е! - ҳайрон бўлди Мерри ичкарига бош суқиб.

Тош тўшалган полни сув босибди.

- Дастурхон тузагунимизча ҳаммомни тозалаб, тартибга келтир, Перегрин, - деди у. - Тезлаш, узоқ кутиб ўтирмаймиз сени.

Бироздан сўнг ҳамма ошхона ўчоғига яқин ўрнатилган стол атрофида йиғилди.

- Қўзиқорин емасаларинг керак, деган умиддаман, - сўради Фродо умидсиз оҳангда.

- Еймиз, албатта, - овоз кўтарди Пин.

- Бу менинг қўзиқоринларим! Фермерларнинг хотинлари орасида қиролича саналадиган миссис Бирюк ҳадя қилган, - деди Фродо. - Очкўз қўлингизни тортинг, ўзим пишираман уларни.

Ҳар қандай ҳоббит қўзиқоринни биз, яъни новча халқдан ҳам яхши кўради. Бу ҳолат ёш Фродонинг машҳур Мариш далаларига буюрган узоқ ташрифлари-ю, иззати-нафси олинган Бирюкнинг ғазабини ойдинлаштиради. Фермер аёл бериб юборган мана бу қўзиқорин ҳаммага тўйгунча етади. Овқат мўл бўлди, ҳатто тўйиши осон кечмайдиган Фредегар Болжер ҳам мамнуният-ла кекириб қўйди. Овқатланиб бўлгач стол нари сурилиб, курсилар ўчоқ олдига терилди.

- Идиш-товоқни эртага ювамиз, - деди Мерри. - Энди менга бор гапни оқизмай-томизмай айтиб беринглар. Афтидан, аллақандай саргузаштлар ўтган кўринади бошингиздан. Тўлиқ ҳисобот беришингизни истайман: ҳаммасидан ҳам қария Бирюкнинг бу ишларга нима дахли борлигини, нега у мен билан ғалати оҳангда гаплашганини билмоқчиман. У, гарчи ишониш қийин бўлса-да, нимадандир қаттиқ қўрққан кўринади.

- Фақат угина эмас, ҳаммамиз қўрқдик, - жавоб берди Пин бироз чўзилган сукунатни бузиб. - Фродо гапиришни истамас экан, ўзим айтиб бераман ҳаммасини, - деди у, ўчоғдаги оловга тикилганча индамай ўтирган Фродога кўз қири ила қараб қўйиб. - Сен ҳам қўрқиб кетган бўлар эдинг, агар сени Қора отлиқ икки кун таъқиб қилиб келса.

- Ким экан у? - сўради Мериадок.

- Қора от минган қора шарпалар, - жавоб берди Пин ва Ҳоббитонни тарк этиб чиқишган фурсатдан бошланган саргузаштни батафсил сўзлаб, тавсифлаб берди.

Сэм ҳикоя мазмунини ўтирган жойида бош ирғиб, нидо чиқариб тасдиқлаб борди. Фродо эса овоз чиқармай ўтиришни давом этди.

- Агар бандаргоҳда анави шарпани ўз кўзим билан кўрмаганимда, кекса Бирюкнинг овозида ғайриоддий оҳанг эшитмаганимда буларнинг барини тўқиб чиқаргансиз, деган хаёлга борган бўлар эдим, - хулоса қилди Мерри. - Хўш, Фродо, сен нима дейсан?

- Амакиваччамиз Фродо ичини бировга ёргиси келмай юрибди, - чақиб ўтди Пин. - Лекин бор гапни айтадиган вақт бўлди. Ҳозирча бизда қария Бирюкнинг тахмини бор холос. Унинг фикрича, буларнинг бари Бильбонинг ҳазинаси билан боғлиқ эмиш.

- Бу унинг тахминидан ўзга нарса эмас, - жавоб берди Фродо ҳовлиқиб. - Қария Брюк ҳеч нимани билмайди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
 
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2023, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх