Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 29.09.2019 07:22   #11  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
- Хайр, қадрдоним Бильбо! Келаси сафар кўришгунча! - паст овозда хайрлашди у, ичкарига кирар экан.

Кўп ўтмай Фродо келиб, қоронғида ўй суриб ўтирган Гэндальфни кўрди.

- Бильбо кетиб қолдими? - сўради у.

- Кетди, - жавоб берди Гэндальф. - Ниҳоят кетди.

- Истардимки... бугунги оқшомгача бу гапларнинг бари ҳазил бўлса керак деган умидда эдим, - деди Фродо. - Лекин кетишини билар эдим. Жиддий нарсалар ҳақида ҳамиша ҳазиллашиб гапиради у. Кўриб қолишга улгуриш учун тезроқ келмоқчи эдим.

- Назаримда, Бильбо бировга билдирмай кетишни афзал кўрди, - деди сеҳргар. - Хавотир олма, унинг ишлари жойида, сенинг номингга расмийлаштирилган конверт ташлаб кетди. Ана у!

Фродо камин токчасида ётган конвертни қўлга олиб, очишга шошилмади.

- Фикримча, ичида васиятнома билан бирга бошқа ҳужжатлар ҳам бўлиши керак. - деди Гэндальф. - Энди сен Бэг-Энд соҳибисан. Тилла Узук ҳам конверт ичида бўлса керак.

- Узук! - хитоб қилди Фродо. - Менга? Нега? Кўпроқ ўзига керак эмасмиди ҳозир у?

- Балким шундайдир, балким ундай эмасдир, - фикр билдирди Гэндальф. - Сенинг ўрнингда бўлсам Узукдан фойдаланмаган бўлар эдим. Сеҳрли Узугинг борлиги ҳақида бировга чурқ этма, уни эҳтиёт қилиб асра. Мен бориб ухлай энди.

Бэг-Энд соҳиби сифатида Фродо меҳмонлар билан хайрлашишни ўзининг мезбонлик бурчи деб билди. Ғалати ҳодиса ҳақидаги миш-миш гап бутун қишлоққа ёйилди. Фродо одамларга эрталаб ҳамма нарса ҳеч шубҳасиз ойдинлашишини маълум қилди. Ярим кечада нуфузли ҳоббитларни олиб кетгани от аравалар келди. Ушбу аравалар навбат билан қорни роса тўйган, лекин кайфияти домангир ҳоббитларга тўлди. Шундан сўнг боғбонлар келиб, меҳмонлар қолдириб кетган нарсаларни замбилғалтакларга ортиб кетишди.

Тун аста ўтиб, тонг отди. Ҳоббитлар одатдагидан кеч уйғонишди. Кун ёришди. Ишчилар келиб шийпон йиғиштириш, стол ва курсилар, коса-товоқлар, шиша идишлар, фонуслар, яшикка экилган гуллар, унутиб қолдирилган сумка, қўлқоп каби буюмларни ташишга киришишди. Охиригача еб тугатилмаган таом турлари деярли чиқмади. Шундан сўнг, Бэггинслар, Булкинслар, Болжерлар, Тукларнинг катта зиёфатга таклиф қилинмаган вакиллари ва шу яқин атрофда яшайдиган бошқа меҳмонлар ташриф буюришди. Кун ўртасига келиб Бэг-Эндда катта зиёфатда бўлмаган, лекин кутилмаган деб бўлмайдиган ҳоббитлар тўдаси йиғилди.

Меҳмонларни зина поғонасида туриб, табассум-ла қарши олаётган Фродо толиққан ва ташвишли кўринмоқда. Ҳаммани қутлар экан, кечаги гапга қўшимча ҳеч нима дея олмаяпти. Барча саволларга бир хил жавоб бермоқда:

- Мистер Бильбо Бэггинс кетди. Билишимча, у соғ-саломат.

Ташриф буюрганларнинг бир неча нафарини ичкарига таклиф қилиб, Бильбо уларга совға қолдирганини маълум қилди.

Залда қоғозхалта ва бўғчалар уюми ётибди. Уларнинг ҳар бирида ёрлиқ бор. Мана ўша ёрлиққа битилган сўзлардан намуналар:

Аделард Тукка Бильбодан: соябон. Аделард кимникига меҳмонга бормасин ҳамиша мезбоннинг соябонини ўмариб кетади.

Дора Бэггинсга Бильбо Бэггинсдан кўпдан-кўп ёзишмалардан хотира сифатида: қоғоз чиқиндиси учун сават. Дора Дрогонинг опаси бўлиб, Бильбо билан Фродонинг қариндошлари орасида энг кексаси саналади. У яқинда 99 ёшга тўлган бўлиб, сўнгги 50 йил давомида Бильбога ҳар хил насихатлар ёзган хатларини тинимсиз йўллаб борди.

Мило Бероузга асқатиб қолишига умид-ла Бильбо Бэггинсдан: тилла патқалам билан сиёҳдон. Мило бирорта хатга жавоб ёзмаган.

Анжеликага Бильбо тоғадан: қавариқ кўзгу. Бэггинслар сулоласига мансуб Анжелика ўзини кўзгудан ҳеч уза олмайди.

Хьюго Брейсгирдл коллекциясига қурбонлик қилувчи кишидан: бўш китоб жавони. Хьюго бировдан олган китобни қайтариб бермай китоб йиғишга одатланган.

Любелия Саквиль-Бэггинсга совға: бир қути кумуш қошиқ. Бир замонлар сафарга чиқиб бедарак кетганда уйда бор қошиқларининг кўпини айнан Любелия кўтариб кетганига Бильбонинг ишончи комил эди. Аёл шамани фаҳмлаган бўлишига қарамай, совғани рад этмади.

Юқорида бир нечта мисол келтирилди холос. Бильбонинг кулбаси узоқ умри давомида ҳар хил нарсаларга тўлиб-тошган. Ер ости кулбасининг турли-туман буюмларга тўлиб туриши – ҳоббитларнинг ота-бувасидан қолган удум саналади. Туғилган кунда бир бирига совға бериш анъанаси ушбу удумга мосдир. Тўғри, туғилган кунга олинган совғалар ҳар доим ҳам янги бўлавермайди. Нима мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган айрим эски совғалар бутун туман бўйлаб қўлдан қўлга ўтиб бораверади. Аммо Бильбога ҳамиша янги нарсалар совға қилинган бўлиб, у барини сақлаб юрган. Мана энди кулба аста-секин бўшаб, тозаланмоқда.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 07:24   #12  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Юқорида айтилгандек, ҳар бир совғада Бильбо ўз қўли билан ёзган ёрлиқ бор. Уларнинг айримлари истеҳзо оҳангида ёзилган. Аксарият совғалар, албатта, кўнгилдагидай нарсалардир. Мана энди камбағал ҳоббитлар, айниқса, Бэгшот-Роу кўчасида истиқомат қиладиганлар кўп яхши нарсаларга эга бўлишди. Масалан, кекса деҳқон Сэм Скромбига икки қоп картошка, янгигина белкурак, жун газламадан тикилган плаш ва ғарчиллайдиган бўғимларига суртиладиган бир шиша малҳам дори совға қилинди. Қария Рори Брендизайк меҳмондўстлиги учун ўн икки шиша қизил виноли бўлди. Саутфартингдан келтирилган ушбу ўткир винони бир замонлар Бильбонинг отаси харид қилган. Рори Бильбони батамом кечириб, биринчи шишани қуритибоқ уни зўр йигит дея баланд овозда эълон қилди.

Фродога жуда кўп нарса қолди. У асосий бойликлар, китоблар, расмлар, қимматбаҳо мебель соҳиби бўлди, албатта. Бироқ кулбада на тилла тангалар, на жавоҳирлар топилди. Бировга сариқ чақа ҳам тарқатилмади.

Фродо бугун жуда чарчаган. Бильбонинг мулки тарқатиб юборилаётгани ҳақидаги сохта миш-миш гап ўрмонга тушган ёнғиндай тарқади. Кўп ўтмай, Фродонинг кулбаси олдидаги майдон бу ерларда ҳеч қандай иши бўмаган ҳоббитларга тўлиб, улардан халос бўлишнинг иложи бўлмади. Ёрлиғи узилган совғалар қўлдан-қўлга ўтиб кетди. Айримлар ўзаро жанжаллашиб қолишди. Баъзилар совғаларни айирбошласа, айримлар ўзига тегишли бўлмаган совғалани олиб қуённинг расмини чизишга уринишди. Йўлак бошида замбилғалтак ва қўл аравалар тирбандлиги ҳосил бўлди.

Ушбу ола-ғовур орасида Саквиль-Бэггинслар жуфтлиги ҳам топилиб келди. Фродо тартибни назорат қилиб туриши учун ўз ўрнига дўсти Мерри Брендизайкни қолдириб, маълум вақтга кўздан ғойиб бўлди. Отто баланд овозда Фродони кўрмоқчи эканлигини баёнот қилгач, Мерри унга одоб-ла таъзим қилиб, жавоб берди:

- Фродо дам оляпти.

- Бекиниб олган десанг тўғрироқ бўлади, - чақиб олди Любелия. - Биз уни кўришни истаймиз ва нима қилган тақдирда ҳам кўрмай кетмаймиз. Бор, қароримиз қатъий эканлигини унга айт, - деди у талаб оҳангида.

Мерри уларни залда анча вақтга қолдириб кетгани боис, эр-хотин ўзларига аталган кумуш қошиқларни обдон кўздан кечириб чиқишга улгуришди. Кўп ўтмай иккаласи хизмат хонасига таклиф қилинди. Саквиль-Бэггинсларни кўришни истамагани боис қиёфасидан домангирлигини уқиб олиш қийин кечмаган Фродонинг олдидаги стол устига бир талай ҳужжат батартиб терилган. Қўлини киссасига солиб, бармоқларини ҳаракатлантираётган Фродо эр-хотинни боадаб қарши олиш учун ўрнидан туриб, хушмуомалалик-ла гап бошлади.

Саквиль-Бэггинслар тажовузкор кайфиятда келишибди. Икаласи дастлаб ёрлиғи бўлмаган ҳар хил қимматбаҳо буюмларни арзон нархга сотиб олиш истагини билдирди. Бильбо тайёрлаб қўйган нарсаларгина тарқатилиши мумкинлигини эшитиб, бу ишларнинг бари жуда шубҳали эканлигига доир фикр билдиришди.

- Менга бир нарса равшан, - деди Отто, - сен ҳамма нарсага ёлғиз ўзинг эгалик қилмоқчисан. Бильбонинг васиятномасини кўрсатишингни талаб қиламан.

Агар Бильбо Фродони ўзига ўғил қилиб олмаганда, Отто Бильбонинг меросхўри бўлар эди. Васиятномани диққат-ла ўқиб чиққан Отто пишқириб қўйди. Бахтга қарши, ҳужжат таҳрири ниҳоятда аниқ ва тушунарли битилган бўлиб, қонунан тўғри расмийлаштирилган (ҳоббитларнинг удумига кўра, бошқа нарсалардан ташқари, бундай ҳужжатларда етти нафар гувоҳ қизил сиёҳ-ла имзо чекиши талаб этилади).

- Яна ўша эски ҳаммом, эски тоз, - деди у хотинига. - Яна қуруқ қолибмиз. Олтмиш йил умид-ла кутиб, бир қути қошиққа эга бўлибмиз! Бекор гап!

Фродонинг бурни остида бармоқ чертган Отто хонани зарда ила тарк этди. Аммо Любелиядан қутулиш осон кечмайди. Ҳужжатларни тахлаб йиғиштирган Фродо бироздан сўнг нима ишлар бўлаётганини кўриш учун залга чиқди. Любелия ҳамон шу ерда, кулба бурчакларида тимирскиланиб юрибди. Фродо ушбу хира табиат аёлни сумкасига тасодифан кириб қолган айрим қимматбаҳо нарсалардан халос қилгач, остонагача одобла кузатиб қўйди. Шўрлик аёлнинг юзидан хайрлашиш учун сўз топа олмаётгани кўриниб турибди.

- Ҳали кўп пушаймон қиласиз йигитча, - дея олди у ниҳоят. - Нега энди сиз хўжайинлик қиляпсиз бу ерда? Сиз Бэггинс эмас Брендизайксиз!

- Эшитдингми, Мерри? Ҳақоратдан ўзга нарса эмас-у бу, - деди Фродо, аёлнинг ортидан эшик ёпар экан.

- Ҳақорат эмас мақтов, гарчи адолатдан бўлмаса-да, - жавоб берди Мерри.

Икковлон кулба хоналаридан биридан ёш ҳоббитларнинг уч нафарини (иккита Булкинс ва битта Болжерни) қувиб солишди. Омборга кириб олган ушбу йигитчалар девор тешиш билан овора экан. Кекса Одо Узуноёқнинг набираси Санчо Узуноёққа эса бошқа омборнинг таги бўшдай туюлиб, астойдил ер қазишга киришибди. Фродо уни кулбадан ҳайдаб чиқарар экан, ёқалашиб қолишига сал қолди. Дарҳақиқат, Бильбонинг олтинлари ҳақидаги афсоналар кўпчиликнинг қизиқишини ошириб, тушунарсиз умид бағишлаган эди. Сеҳр-жоду ила қўлга киритилган олтинни биров ҳалал бермаган вазиятдагина қидириб топиш мумкинлигини ҳамма билади.

Санчони туртиб, кулбасидан бир амаллаб чиқариб юборган Фродо ўзини залдаги курсига ташлади.

- Дўконни ёпиш вақти етти, Мерри, - деди у. – Бугунга етар. Эшикни қулфлаб, таран келтириб тақиллатишса ҳам ҳеч кимга очма.

Шундан сўнг иккаласи кеч бўлса ҳам, бир пиёладан чой ичишга аҳд қилишди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 07:26   #13  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Меррини кузатган Фродо курсига ўтиришга улгурмай эшик яна тақиллади.

- Любелия келдиёв, - тахмин қилди Фродо овоз чиқариб. - Аччиқроқ гап ўйлаб топган бўлса, ичида қолдирмай айтгани қайтган. Шошилишга ҳожат йўқ, эшитишга улгураман ҳали.

Эътибор қилмаган Фродо чой ичишни давом этди. Эшик янада қаттиқроқ тақиллади. Кутилмаганда деразада сеҳргарнинг юзи кўринди.

- Фродо, эшикни очмас экансан, уни чунонам тепаман-ки, даҳлиздан тикка учиб, дўнглигингнинг орқа томонидан тешиб чиқади! - ваъда қилди у.

- Қадрдоним Гэндальф! Бир дақиқа! - хитоб қилди эшик томон югурган Фродо. - Кир, киравер! Любелия қайтган бўлса керак деган хаёлга борибман.

- Ундай бўлса, майли, кечирганим бўлсин. Лекин йўлда учратдм уни. Пони миниб Байуотер томон йўл олган экан. Юзи буришиб, шунақанги аччиқ қиёфа касб этган-ки, янги соғилган сут ҳам унинг олдида тез ачиб қолса керак.

- Сут нари турсин, менинг миям ачиб кетди унинг дастидан. Тўғрисини айтаман, Гэндальф, ўшани кўрмай гум бўлиш учун қўлим Узукка югурди.

- Асло ундай қила кўрма! - қатъий тайинлади Гэндальф, дастурхонга ўтирар экан. - Узук билан эҳтиёткорона муомала қилишинг керак! Айнан Узук сабабли кулбангга қайтдим, билсанг агар. Хайрлашишдан олдин икки оғиз гап айтиб кетмоқчиман сенга.

- Хўш?

- Узук ҳақида нималарни биласан?

- Бильбонинг оғзидан эшитганларимни биламан холос. Узукни ўша сафарда қандай топиб олгани-ю, нима мақсадда ишлатгани ҳақида айтиб берган.

- Нима деган?

- Гномларга айтиб, китобида битган ҳикояни эмас, албатта. Мен бу ерга кўчиб ўтганимдан кейин у менга бор гапни рўй-рост айтиб берган. Саволларинг билан уни қийнаб юборган экансан. Бор гапни сенга айтгач, мени хам бохабар қилишни лозим топибди. «Орамизда ҳеч қандай сир бўлмаслиги керак, Фродо. Лекин бу гапларни бошқа бировга айтма. Нима қилган тақдирда ҳам Узук меники», деган эди.

- Қизиқ, - ғудуллади Гэндальф. - Хўш, ўзинг нима деб ўйлайсан бу ҳақда?

- Агар «совға»га доир гапни назарда тутаётган бўлсанг, айтган рост гапи ҳақиқатга яқинроқ. Нима учун Бильбо ҳодисанинг бошқа талқинини ўйлаб топди, тушунмадим. Бу унга хос эмас. Умуман айтганда, у ўзини жуда ғалати тутиб қолди.

- Тўғри, лекин ҳазина топиб олган одамлар аксарият ҳолларда чиндан ҳам ғалати бўлиб қолишади. Агар улар ҳазинасининг имкониятларидан фойдаланишса. Буни сен огоҳлантириш сифатида кўришинг керак. Такрор айтаман – Узук билан муомала қилишда эҳтиёт бўл. Соҳибини кўринмас қилиб қўйишдан ташқари бошқа хусусиятлари ҳам бўлиши мумкин.

- Тушунмадим.

- Мен ҳам тушунмаяпман, Фродо, - деди сеҳргар. - Сўнгги вақтда Узук ҳақида кўп ўйланадиган бўлиб қолдим, айниқса кечаги оқшомдан кейин. Хавотирга ўрин йўқ. Лекин насиҳатим керак бўлса, шуни айтаманки: ундан имкон қадар кам фойдалан. Фойдаланганда ҳам шундай фойдалангинки, ҳар хил шубҳаларга ўрин бўлмасин, бемаъни гап-сўз тарқалмасин. Ёдингда бўлсин: бу гапларни сир сақлаб, Узукни эҳтиёт қил.

- Қандайдир жумбоқли чиқяпти гапинг, Гэндальф. Бирон нимадан хавотирдамисан?

- Ишончим комил эмас. Шунинг учун ҳозирча бошқа ҳеч нима дея олмайман. Қайтсам, балким бирон нима дерман. Майли, борай энди... - деди сеҳргар ўрнидан туриб.

- Дарров-а! - хитоб қилди Фродо. - Бирор ҳафтага қоларсан деган умидда эдим. Менга сенинг ёрдаминг керак.

- Шундай қилмоқчи эдим ҳам, лекин режага бироз ўзгариш кириб қолди. Балким мен ҳам узоқ вақт кўринмай кетарман. Имкон топишим билан қайтиб, сен билан кўришаман. Мени кут, мен энди яширинча келиб тураман. Ширга очиқдан-очиқ келиш мумкин эмас энди менга. Ҳаддан ортиқ таниқли бўлиб кетяпман бу ерда. Айтишларича, мен Ширдаги тинчлик-тотувликни издан чиқараётган ўйинбузиқи эканман. Айримлар мени Бильбонинг кетиб қолишида ва бошқа, янада ёмон гуноҳларда айблашмоқда. Билмоқчи бўлсанг, агар, Бильбонинг ҳазинасини қўлга киритиш мақсадида иккаламиз тил бириктириб олибмиз.

- Айримлар дейсанми?! - хитоб қилди Фродо. - Отто билан Любелиянинг уйдирмалари-ю, бу! Бундан ортиқ пасткашлик бўлмаса керак! Бильбо Бэггинс билан бирга кетиш мумкин бўлганда, мана шу Бэг-Эндни таг-туги, ичидаги бор бисоти билан бериб юборган бўлар эдим. Мен Ширни яхши кўраман. Менда ҳам кетиш истаги пайдо бўляпти. У билан яна дийдор кўришамизми, билмадим.

- Менда ҳам шу аҳвол, - деди Гэндальф. - Бироқ мени бошқа муаммолар ҳам ташвишга солмоқда. Ҳозирча хайр, ўзингни эҳтиёт қил. Ёрдамга келишимга ишон, айниқса, мураккаб вазиятда. Кўришгунча!

Қўл силтаган сеҳргар кулбани тарк этди. Фродонинг назарида Гэндальф одатдагидан ортиқча мункайиб қолгандай, елкасига оғир юк тушгандай кўринди. Қош қораймоқда. Плашга ўраниб олган киши оқшом қоронғилигида тез гум бўлди. Фродо чиндан ҳам Гэндальфни узоқ вақт кўрмади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 07:28   #14  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
ИККИНЧИ БОБ. ЎТМИШ КЎЛАНКАСИ

Бироқ миш-миш гаплар тўққиз кундан кейин ҳам, тўқсон тўққиз кундан кейин ҳам тинмади. Мистер Бильбо Бэггинснинг иккинчи марта даф бўлиши йил давомида нафақат Ҳоббитон, балки бутун Шир ўлкасида муҳокама қилиниб, ундан-да узоқ вақт эсга олиб борилди. Ўша ҳодиса ҳоббитлар учун кечки эртакка айланди, юз берган реал воқеа унутилиб, чақмоқ ва олов булути ичра гум бўладиган, сўнг қоп-қоп жавоҳир-у, олтин тангалар билан қайтадиган савдойи Бэггинс аста-секин маҳаллий афсоналарнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланиб борди.

Ҳозирча ҳоббитлар орасида шаклланган умумий фикр шундан иборатки, томи эскитдан вақти-вақти билан силжиб турадиган Бильбо бу сафар батамом ақлдан озиб Блуга қочиб кетган. Шубҳа йўқ-ки, Блуда у ҳовуз ёки дарёга тушиб муқаррар ўлим топган. Бунда айб асосан Гэндальфнинг гарданига юкланди.

- Агар ўша лаънати сеҳргар ёш Фродони тинч қўйса, ундан соғлом фикрли ўтроқ ҳоббит чиқиши мумкин.

Афтидан, сеҳргар Гэндальф чиндан ҳам Фродони ўз ҳолига қўйган кўринади, лекин Фродода соғлом фикрлилик фазилати у қадар сезилмади. Боз устига, Бильбонинг хулқида кузатилган ғалатилик аломатлари Фродонинг табиатида ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан у, мотам тутишдан умуман бош тортди. Келгуси йили эса у Бильбонинг бир юз ўн икки ёшга тўлиши муносабати билан расмий зиёфат уюштириб, йигирма кишилик дастурхон тузади. Меҳмонга келган ҳоббитларнинг таъбири ила айтганда, ушбу зиёфатда «егулик билан ичкилик қор-у, ёмғирдай ёғди».

Айримлар хўп таажжубланишди, лекин Фродо ҳамма кўникиб қолгунча Бильбонинг туғилган кунини ҳар йили нишонлаб бораверди. У Бильбони ўлган деб ҳисобламайди. «Хўп, ўлмаган бўлса қани у?» - дея берилган саволга жавобан эса елка қисиб қўяди.

Фродо Бильбо каби ёлғиз яшаса-да, дўстлари кўп. Уларнинг кўпчилиги қария Тукнинг авлодига мансуб ёш ҳоббитлар бўлиб, Бильбони яхши кўришгани учун Бэг-Эндга болаликларидан тез-тез келиб туришган. Фродонинг дўстлари жумласига Фолько Булкинс билан Фредегар Болжер киради. Лекин, одатда, Пин дея чақириладиган Перегрин Тук ва асл Мериадок исми камдан-кам тилга олинадиган Мерри Брендизайк Фродонинг энг яқин дўстларидир. Фродо улар билан теварак-атрофни тез-тез кезиб туради, аммо танҳо ўзи сайр қилишни кўпроқ хуш кўради. Фродони уйидан олисда, ёрқин юлдузлар ёритган тепалик ва ўрмон этагида санқиб юрганини эшитган қўшнилари кўп ҳайрон бўлишади. Мерри билан Пиннинг тахминига кўра Фродо Бильбо каби эльфларнинг ҳузурига ташриф буюриб бормоқда.

Орадан кўп йиллар ўтди.

Ҳамқишлоқлар Фродо ҳам худди эндигина ўттиз ёшга етган, жисмонан бақувват, ниҳоятда серғайрат ҳоббитдай кўриниб, Бильбо каби «яхши сақланиб қолаётгани»га эътибор қила бошлашди. «Баъзиларнинг омади хўп чопади-да», - хулоса қилади кўпчилик, аммо Фродо элликдан ўтганига қарамай, зоҳиран ўзгармас қолаётганини кўрган ҳоббитларнинг бари: «буларнинг бари жуда ғалати ҳолат», - дея фикр билдириб боришмоқда.

Фродонинг ўзи эса муҳташам Бэг-Энднинг ягона ўзига хон, ўзига бек соҳиби – мистер Бэггинс бўлиб юриш ёқимли кечаётганини ҳис этмоқда. Кўп йил давомида ундан-да бахтиёр, келажак ҳақида мутлақо қайғурмайдиган киши топилиши қийин бўлди. Аммо шу билан бир вақтда, бир замонлар Бильбо билан бирга кетиб қолмаганига ич-ичдан ачиниш ҳисси шаклланиб бораётганига у қадар катта аҳамият бермай борди. Фаҳмлашича баъзан, айниқса куз мавсумида Ёввойи ўлкага кетиб қолишни, тоғли ҳудудларда кечадиган, тушида бўлса ҳам муқаддам кўрмаган ғалати ҳодисаларни томоша қилишни орзу қиладиган бўлиб қолган. «Кун ўтиб бир кун дарёни кечиб ўтарман?» - дер эди у, ўзига ўзи. «Ҳали эрта», - жавоб берар эди ҳамиша онгининг иккинчи ярми.

Ёши қирқдан ўтиб, элликка яқинлашгунча ҳаёт шу зайлда давом этди. Эллик сони Фродонинг тасаввурида қандайдир аҳамиятли (замирида ёвузлик яширинган) сондек кўринади. Чунки Бильбонинг саргузаштлари айнан эллик ёшида бошланган. Фродо қандайдир ички хавотир ҳис эта бошлаб, юрган сўқмоқлари ҳаддан ортиқ тепкилангандай туюла бошланди. Хариталарга термилар экан, чегара ташқарисида нима борлигини чамалаб ўтирди. Маҳаллий хариталарда Шир чегарасининг ташқариси асосан оқ доғ шаклида кўрсатилган. Фродо далалар, қир ва адирларни кезишни давом этиб, асосан ўзи юрадиган бўлиб қолди. Фродонинг дўстлари ва айниқса, Мерри унинг қайтишини хавотир-ла кутиб ўтиришади. Кўп ҳолларда Фродо Шир ҳудудида тез-тез пайдо бўлиб борадиган, зоҳиран ғалати кўринишга эга бегоналар билан гаплашиб юради.

Шир ҳудудининг ташқарисида рўй бераётган таажжуб ҳодисалар ҳақида миш-миш гаплар тарқади. Модомики, бедарак кетган Гэндальф ҳеч қандай хабар йўлламай қўйган экан, Фродо қўлдан келганча дунё янгиликларидан бохабар бўлиб боришга ҳаракат қилди. Ширда, одатда, камдан-кам учраган эльфлар энди оқшом маҳалда ўрмон четида тез-тез пайдо бўлишмоқда. Улар ғарб томон йўл олиб, ортга қайтишмаяпти. Эльфлар Ўртаерни тарк этиб, унинг ғам-ташвишлари билан қизиқмай қўйишган. Катта йўлда кўринаётган гномлар сони анча кўпайиб қолди. Шарқ билан ғарбни ўзаро боғлаб, кулранг бандаргоҳларга элтадиган ушбу йўл қадимдан мавжуд бўлиб, бир замонлар гномлар Кўк тоғ конига Шир ҳудуди орқали ўтадиган айнан мана шу йўл орқали қатнашган. Гномлар ҳоббитлар учун Ўртаернинг олис бурчакларида юз бераётган ҳодисалар ҳақидаги янгиликларнинг асосий манбаи сифатида хизмат қилишган, агар гномлар гапиришни исташса, албатта. Одатда, гномлар жуда камгап бўлиб, ҳоббитлар ўз саволини такрорламай қўя қолишган. Энди эса Фродо олис юртлардан ғарб томон қочаётган гномларни тез-тез учратиб бормоқда. Уларнинг бари бирдай безовта бўлиб, Мордор ўлкаси-ю, аллақандай душман ҳақида пичирлаб гапиришади.

Ушбу ўлка номини ҳоббитлар ҳамиша ташвишга соладиган мудҳиш мазмунга эга фожиали ўтмиш ҳақидаги афсоналарда эшитган. Оқилларнинг Оқ Кенгаши томонидан қувиб солинган Ёвуз ўрмондаги мудҳиш куч қадимий Мордор қасрларида қайта жонланаётгандай гўё. Айтишларича, Зулмат минораси қайта тикланибди. У ердан чиқаётган офат ҳар томон тарқалиб, ҳамма жойда уруш бошланибди, халқлар ва элатлар орасида қўрқув кайфияти қарор топибди. Тоғли ҳудудларда орклар сони яна кўпая бошлабди. Пайдо бўлаётган троллар эса энди илгаригидай бефаҳм, анқов эмас, аксинча, ниҳоятда маккор бўлиб, бари қирғин келтирадиган қудратли қурол билан қуролланган. Аммо янада даҳшатли махлуқлар пайдо бўлгани, улар нима деб аталиши ҳақида миш-миш гап тарқади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 29.09.2019 07:29   #15  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Бундай янгиликларнинг аксарият қисми табиийки, оддий ҳоббитларга етиб келмайди. Бироқ қўрқувга соладиган ғалати гапларни ҳатто қулоғи оғир хонанишин ҳоббитлар ҳам эшитадиган бўлиб қолди. Иш бўйича ўлка чегарасигача борадиганлар эса аломат нарсаларни ўз кўзи билан кўришмоқда. Баҳорги оқшомлардан бирида Байуотернинг «Яшил аждар» майхонасида ўтган суҳбат ҳар хил миш-миш гаплар ҳатто Шир марказигача етиб келганидан далолат берди, гарчи бундай гаплар кўпчилик ҳоббитларнинг кулгисини қистаётган бўлса-да.

Бурчакдаги камин олдида Сэм Скромби, унинг қаршисида эса тегирмончининг набираси Тэд Сэндимен ўтирибди. Иккаласининг орасида ўтаётган суҳбатга қулоқ ташлаб қўйган ҳоббитлар ҳам оз эмас бу ерда.

- Ғалати гаплар эшитиляпти шу кунларда, - фикр билдирди Сэм.

- Атрофга қулоқ тутиб юрсанг, эшитилаверади-да, - жавоб берди Тэт. - Истасам уйимда ҳам эшитавераман болалар учун мўлжалланган ўша қўрқинчли воқеаларни.

- Албатта, ҳеч шубҳасиз, эшитишинг мумкин, - жавоб берди Сэм. - Журъат-ла айтаманки, ундай гаплар ҳақиқатдан узоқ эмас. Ким тўқиб чиқариши мумкин уларни? Масалан, аждар мавзусини олайлик.

- Йўқ, раҳмат, эшитишни ҳам истамайман ўша мавзуни, - рад этди Тэд. - Болалигимда эшитавериб тўйганман. Ўшанда ишонган бўлсам, энди умуман ишонмайман. Байуотеримизда биттагина аждар бўлиб, шўрликнинг ранги ям-яшил, - қўшимча қилди у ҳаммани кулдириб.

- Ҳа, яхши, - деди Сэм эл қатори кулиб. - Гигантлар, одам-дарахтлар ҳақида нима дейсан? Айтишларича, улардан бири оддий дарахтдан анча баланд бўлиб, яқинда шимолий ботқоқликнинг нариги томонида кўринган эмиш.

- Ким айтди сенга шу гапни?

- Масалан, амакиваччам Хэл. У Оверхилда яшайдиган мистер Булкинснинг хизматида бўлиб, шимолий Ширга овга чиқиб туради. Ўша дарахтни шахсан ўзи кўрибди.

- Ўзи кўрибди дегин? Қўрққанга қўш кўринади, деган гапни эшитганмисан? Менимча, юрагини олдириб қўйган ўша Хэл оғзига келганини гапираверади.

- Лекин у чиндан ҳам ҳар бир қадами етти ярд келадиган, бўйи қайрағочдан баланд давангирни учратибди.

- Ундай бўлса, ишончим комилки, қайрағочдан ўзга нарсани кўрмаган у.

- Бироқ ўша «қайрағоч» ўз оёғи билан юради, ишон. Шимолий ботқоқликда эса қайрағоч ҳеч қачон ўсмаган.

- Бундан чиқди, Хэл ҳеч нарса кўрмаган, - хулоса қилди Тэд.

Кулги ва қарсак янгради. Афтидан, майхонада ўтирганларга қўрқинчли гапга ишонишдан кўра, Тэднинг фикри маъқул кўринди.

- Шир орқали ўтаётган ғалати махлуқларни кўпчилик кўрганини ҳам инкор этишинг мумкин. Чегарачилар ҳали бу қадар банд бўлишмаган. Эльфлар ғарбга кўчиб кетишаётганини мен ҳам эшитдим. Айтишларича, улар бандаргоҳга бориб, у ердан Оқ миноралар томон йўл олишаётган экан.

Қўлини мавҳум силтаган Сэм қаернидир кўрсатди. Зеро, Ширнинг ғарбий чегарасидаги ушбу қадимий миноралардан бошланадиган денгиз қаергача чўзилганини на Сэм, на бу ерга йиғилганларнинг бирортаси билади. Бироқ эски гаплардан маълум бўлишича, ушбу Оқ миноралардан кейин Кумушранг бандаргоҳ келиб, у ерда баъзан эльфларнинг бу юртларга қайтиб келмайдиган кемалари кўриниш бериб қолади.

- Улар бизни тарк этганча, ғарб томон сузиб кетаверишади, сузиб кетаверишади, - ярим ҳиргойи қилгандек гапирди Сэм бошини тантанали ва айни вақтда қандайдир ғамгин тебратиб.

- Жа лаққа тушасанда, ўша эски чўпчакларга, - кулиб юборди Тэд. - Менга фарқи йўқ. Сузиб кетишса, кетаверишсин! Ишончим комилки, Ширдагилардан бирортаси буни кўрмаган.

- Билмадим, билмадим, - ўйланиб қолди Сэм.

Унинг назарида кунлардан бир кун кўзига эльф чалингандай бўлган. Эльфларни ҳали кўп кўришига умид қилади. Болалигида эшитган афсоналар орасида эльфлар тўғрисидаги эртаклар ва унутилаёзган ҳикоялар унга кўп таъсир қилган.

- Ҳатто ўз юртимизда ҳам ўша сеҳргар халқни шахсан биладиган, унинг вакиллари орқали дунё янгиликларидан бохабар бўлиб борадиган кишилар топилади, - деди Сэм ниҳоят. - Масалан, мистер Бэггинсни олайлик. Мен унинг боғини болалигимдан парвариш қилиб келаман. У киши эльфлар тўғрисида кўп нарсаларни билади. Кекса мистер Бэггинс эса ундан-да кўп нарсаларни билган. Болалик чоғимда мен қария Бэггинс билан кўп гаплашганман.

- Иккаласининг ҳам томи жилиб қолган, - таъкиблаб ўтди Тэд. - Ҳар қалай қари Бильбо савдойи бўлиб, Фродони ҳам ақлдан оздириб кетди. Хўп, майли, дўстлар, уйга борай. Соғлигингиз учун!

Пивосини симириб тугатган Тэд шовқин солганча майхонадан чиқиб кетди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 07:32   #16  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Жим қолган Сэм ортиқ бирор оғиз сўз айтмади. Фикр тарозисидан ўтказилиши керак бўлган нарсалар кўп. Бир томонидан Бэг-Энд боғида қиладиган ишлар оз эмас, агар эртага ҳаво очилиб кетса, кун бўйи банд бўлади. Аммо унинг хаёлини боғ ташвишидан ташқари бошқа нарса ҳам банд қилган. Маълум вақт ўтиргач, оғир хўрсинди-да, ўрнидан туриб майхонани тарк этди.

Апрель ойининг боши. Кучли ёмғирдан ўтиб осмон тозаланди. Қуёш ботиб, ҳавоси совуқ хира оқшом аста-секин тунга айланди. Сэм Ҳоббитон орқали эндигина чиққан юлдузлар остида, ўйчан ҳуштак чалганча уйи томон шошмай одимлаб кетди.

Айнан мана шу фурсатда узоқ йўқолиб кетган Гэндальф топилиб келди. Бильбо уюштирган катта зиёфатдан кейин уч йил давомида ундан ҳеч қандай дарак бўлмади. Шундан сўнг қисқа муддатга келиб, Фродони яхшилаб кўздан кечириб чиққач, яна гум бўлиб кетди. Сўнгги йилларда мутлақо кутилмаган пайтда жуда қисқа вақтга тез-тез пайдо бўлиб борди. У асосан оқшом маҳалда келиб, тонг отгунча Бэг-Энддан чиқиб кетади. Гэндальф ўз ишлари-ю, саргузаштлари ҳақида гапирмай, Фродонинг соғлиги ва ишларига доир арзимас янгиликларга катта қизиқиш билдиради.

Ўхшаш ташвишлари ҳам кутилмаганда тўхтаб қолди. Фродо у ҳақда бирор-бир дарак эшитмади, энди ҳоббитлар сеҳргарни қизиқтирмай қўйди шекилли, деган хаёлга ҳам борди. Аммо Сэм кечки пайт уйга қайтар экан, Фродонинг хизмат хонасидаги дераза ойнаси тақиллади.

Кекса дўстини ҳайрат-ла қарши олган Фродо руҳи енгиллашганини ҳис этди. Иккаласи бир бирига диққат-ла назар солди.

- Ишлар қалай? - қизиқди Гэндальф. - Умуман ўзгармабсан, Фродо.

- Сендан ибрат оляпман, - ҳазил-ла жавоб берди ҳоббит.

Аммо Гэндальф Фродонинг кўзига қандайдир толиққан, бироз кексайгандек кўринди. У сеҳргарни саволга кўмиб, дунёда рўй бераётган янгиликлар билан қизиқди. Кўп ўтмай иккаласи тун ярмигача чўзилган суҳбатга киришиб кетди.

Эртасига эрталаб кечки нонуштадан сўнг Гэндальф Фродонинг хизмат хонасидаги дераза олдига жойлашди. Каминда олов ёрқин ёнмоқда. Кўча серқуёш бўлиб, жануб томондан илиқ шабада эсмоқда. Атроф янгилангандай кўринмоқда, дала ва дарахтлар янги ниш урган яшил рангга бурканган.

Гэндальф қарийб саксон йил муқаддам ўтган баҳорни, Бильбонинг Бэг-Энддан дастрўмолсиз чиқиб кетганини эслади. Энди унинг сочи оқариб, соқоли билан қоши анча ўсди, юзини чуқур ажинлар-у, оқиллик аломатлари қоплади, кўзи эса ҳар доимгидай ёрқин. Ҳозир у тамаки чекиб, мовий тутун ҳалқаларини пуркаб ўтирибди.

Фродо чуқур ўйланиб қолгани боис, Гэндальф ҳам индамай чекяпти. Тонг ёруғида ҳам Фродо Гэндальфнинг ҳикоясидан қора кўланкани ҳис этмоқда.

- Кеча тунда Узугимга доир ғалати нарсалар ҳақида гапирдинг, Гэндальф, - деди у ниҳоят тилга кириб. - Лекин гапингни бўлиб, бундай нарсалар ҳақида кундуз куни гапирган яхши, дединг. Балким энди ўша гапни охирига етказиб қўярсан? Узукни мен ўйлагандан ҳам хавфли хусусиятлари бор, дегандай бўлдинг. Қанақанги хавф экан ўзи у?

- Катта хавф, - жавоб берди сеҳргар. - Узук мен ўйлагандан ҳам анча қудратли экан. Шу қадар қудратлики, унга соҳиблик қиладиган ҳар бир ўлимга маҳкум инсонни енгмай қўймайди ва бора-бора ундай соҳибга ўзи хўжайин бўлиб олади.

Қадим замонда Эрегнор деган юртда кўпдан-кўп эльф узуклари ясалган. Уларни сизлар сеҳрли узук деб атайсизлар. Узукларнинг тури, табиийки, ҳар хил бўлган: баъзилари анча қудратли, айримлари нисбатан заиф бўлган. Кичик узуклар эльф темирчилари учун хомқолип, арзимаган иш бўлган. Шунга қарамай, ўлими муқаррар оддий одам учун жуда хавфли саналган. Буюк узуклар, Ҳукмдорлик узуклари эса – ҳамма учун баравар хавфлидир.

Сеҳрли узуклардан бирининг соҳиби бўлмиш ўлими муқаррар Фродо эса ўлмаяпти ҳам, қаримаяпти ҳам. Лекин чарчаяпти. Агар Узук ёрдамида тез-тез кўринмас бўлиб борса, қандайдир шалвираб, охир-пировардида узуксиз ҳам бировга кўринмайдиган, яъни қош қорайган маҳалда узукларни идора қилаётган ёвуз кучнинг нохуш нигоҳи остида изғиб юрадиган бўлиб қоляпти. Эртами, кечми ёвуз куч уни ўз измига солиб олади, агар у кучли, улуғсифат бўлса, бундай ҳолат бироз кечга сурилади.

- Даҳшат! - хулоса қилди Фродо.

Яна узоқ чўзилган сукунат қарор топди. Боғда Сэм Скромбининг майса ўраётгани эшитилмоқда.

- Кўпдан буён биласанми буларнинг барини? - сўради ниҳоят Фродо. - Бильбо-чи, билармиди?

- Ишончим комилки, Бильбо сенга айтиб берган гаплардан ташқари ҳеч нарса билмаган, - деди Гэндальф. - Хавфлилигини билганида Узукни, умуман айтганда, сенга нисбатан хавф туғдирадиган бирор-бир нарсани сенга ташлаб кетмаган бўлар эди, гарчи мен унга сендан кўз-қулоқ бўлиб боришга сўз берган бўлсам-да. У Узукни ниҳоятда гўзал, жуда фойдали, зарурий буюм деб билган ва агар бирор нима нотўғри ёки ғалати кечса, гап Узукда деб топган. У менга: «Узук тафаккуримнинг ҳаддан ортиқ кўп қисмни эгаллаб олган», - деган эди. Лекин Бильбо бу ишни Узукнинг ўзи қилаётганини хаёлига ҳам келтирмаган, гарчи Узук билан муомала қилишда огоҳ бўлишни идрок этган бўлса-да: унинг назарида Узук ўзгариб борган; ҳозиргина лойиқ келиб, бармоққа ишончли тақилиб турган жойида бирдан кенгайиб, бармоқдан сирпаниб чиқишга уринган.

- Тўғри, сўнгги юборган хатида бу ҳақда огоҳлантириб ўтган эди, - деди Фродо. - Шу боис уни занжирчага илиб юрибман.

- Оқил иш, - маъқуллади Гэндальф. - Умрининг узоқлигига келсак, бундай ҳолатни Бильбо ҳеч қачон Узук билан боғламай ўз тақдири деб билган ва ҳамиша бу билан ғурурланиб келган. Гарчи у сўнгги вақтда ҳолдан тойган, ҳорғин кўринган бўлса ҳам. Ўзининг таъбири ила айтганда ўзини ингичка ва буришиб кетгандай ҳис этган. Бу эса Узук унинг руҳини ўзига қарам қила бошлаганидан далолат эди.

- Кўпдан буён билар эдингми буларнинг барини? - сўради Фродо.

- Билар эдим? - таажжубланди Гэндальф. - Фақат доноларгагина маълум бўлган кўп нарсаларни билиб келганман. Аммо сен саволингни «мана бу Узукни назарда тутиб» бердинг. Йўқ, айтишим жоизки, у ҳақда ҳозиргача ҳеч нарса билмайман. Сўнгги текширувни ўтказишим керак. Бироқ мен тахминларим тўғри эканлигига шубҳа қилмайман.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 07:33   #17  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Гэндальф бироз ўйланиб қолди.

- Илк бор қачон фаҳмлай бошлаганимни айтишим керак-да? - давом этди Гэндальф хотираларга чўмиб. - Бу ҳодиса Оқилларнинг Оқ Кенгаши Ёвуз кучни Ёвуз ўрмондан Бешта лашкар муҳорабасидан олдин қувиб солган йили бўлиб ўтди. Бильбо Узукни ўша йили топиб олган. Хавфсирашим сабабини ўзим билмасам-да, нимадир юрагимга ғулғула солди. Голлум Буюк Узукни қандай топиб олгани ҳақида кўп ўйландим. Шундан сўнг Бильбонинг Узукни топишмоқ ўйинида «ютиб олгани» ҳақидаги ғалати ҳикоясини эшитиб, тўғрисини айтаман, ишонмадим. Қийин-қистовларимдан сўнг бор гапни рўйи-рост айтиб берганидан сўнггина, Бильбо нима қилиб бўлса ҳам Узукни ўзиники қилиб олмоқчи эканлигини англаб етдим. Бу билан у «туғилган кунига Узук совға қилинган» Голлумдан фарқ қилмай қолди. Иккаласининг мазмунан ёлғон, бир-бирига ўхшаш ҳикояси мени тинч қўймади. Шуниси равшанки, Узук қудратли кучга эга бўлиб, топилган заҳоти ўз соҳибига таъсир ўтказа бошлайди. Бу эса ишлар яхши эмаслигининг аниқ билдирадиган биринчи нишонаси эди. Мен Бильбога бундай узукларни ишлатмаган маъқуллигини тез-тез таъкидлаб борганман. У эса ушбу гапимдан ҳамиша домангир бўлиб, аччиқланар эди. Қўлимдан ҳеч нарса келмади ҳисоб. Узукни Бильбога зарар етказмай тортиб ололмайман, умуман айтганда бундай қилишга ҳақим ҳам йўқ эди. Фақат кутиб, кузатиб боришим мумкин эди холос. Оқ Саруманнинг маслаҳатини олишим мумкин эди-ю, бунга нимадир тўсқинлик қилди.

- Оқ Саруман деганинг ким бўлди энди? - сўради Фродо. - У ҳақда ҳеч қачон эшитмаган эканман.

- Бўлиши мумкин, - жавоб берди Гэндальф. - Ҳоббитлар у ҳақда зиғирдай бўлсин тасаввурга эга эмас. Аммо у оқиллар орасида энг буюги бўлиб, Сеҳргарлар Ордени доҳийси, Оқ Кенгашнинг бош раҳнамоси ҳисобланади. У чуқур билимларга эга, аммо ўша билимлар билан бирга такаббурлиги ҳам ўсиб, ҳар қандай турдаги мудохолани ҳазм қила олмайди. Сеҳрли узуклар, Буюк ва Кичик узуклар ҳақидаги қиссалар унинг ихтисослигидир. Ушбу ихтисосликни у узук ясашнинг йўқотилган сир-асрорларини узоқ қидирганча ўзлаштириб борди. Узуклар масаласи Оқилларнинг Оқ Кенгашида муҳокама қилинар экан, унинг бизга берган ҳар галги маълумотлари менинг огоҳлигимни сустлаштириб бораверди. Хавотирим шу тариқа уйқуга кетди-ю, лекин уйқуси жонсарак кечди. Кутиш ва кузатишни давом этавердим.

Бир қарашда Бильбонинг ишлари яхшидай кўринди. Йиллар ортидан йиллар ўтди, лекин ўтаётган ушбу йиллар Бильбога дахл қилмади. Кексайиш аломатлари унда кўринмади. Яна нимадир юрагимга ғулғула солди. Шунда мен ўзимни ўзим: «Нима қилган тақдирда ҳам Бильбо онаси томонидан узоқ яшовчи ҳоббитлар сулоласига мансубдир. Ҳали вақт бор, майли, кутганим бўлсин», - дея тинчлантириб боравердим.

Кутдим. Уйини тарк этган ўша кечагача кутдим. Бильбонинг хатти-ҳаракатлари, айтган гаплари вужудимга даҳшат солиб, Саруманнинг бирорта сўзи мени тинчлантирмади. Қандайдир ёвуз, ажал келтирадиган нарса ҳаракатга келганини англадим. Ўшандан буён ҳақиқатнинг тагига етиш йўлида кўп тер тўкдим.

- Бильбога тузалмас шикаст етгани йўғ-у, тўғрими? - хавотир-ла сўради Фродо. - Вақт ўтиб ишлар ўнгланиб кетади-ю, а? У тинчкина дам олади, шундайми?

- Узукдан халос бўлгач, у ўзини яхши ҳис эта бошлади, - маълум қилди Гэндальф. - Узуклар ва уларнинг кароматлари ҳақида фақат ёлғиз бир куч билади холос ва фаҳмлашимча, дунёда ҳоббитлар ҳақида ҳамма нарсани – ул маълумотлар илм-фаннинг ён тармоғи бўлса ҳам, кутилмаган нарсаларга бой билимлардан бохабар куч бирорта бўлсин йўқ. Ҳоббитлар табиатан момиқдай мулойим, баъзан кўҳна эманнинг ўқ илдизидай мустаҳкам бўлиши мумкин. Ўйлашимча, ҳоббитларнинг айримлари Узук таъсирига, аксарият оқилларнинг тахминига зид равишда, узоқ қаршилик кўрсата олишади. Шундай экан, Бильбодан хавотир олмасанг ҳам бўлаверади.

Бильбо узоқ йиллар давомида Узук соҳиби бўлиб, ундан кўп фойдаланган, албатта. Бинобарин, Узук таъсиридан халос бўлиши, дейлик, Узукка хавфсирамай қарай олиши учун анча вақт керак бўлади. Бошқа масалаларда эса бахтли-саодатли яшайверади. Чунки Бильбо Узукдан ўз хоҳиши билан воз кечди – бу эса ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Шундай экан, Узукдан воз кечган қадрли Бильбодан ташвиш тортмай қўйганман. Энди мен сендан хавотирдаман.

Бильбо кетгандан буён мен кўпроқ сен ва сенга ўхшаган бошқа ажойиб, бесўнақай, нотавон ҳоббитларнинг ташвиши билан бандман. Агар ёвуз куч Ширни босиб оладиган, Болжерлар, Хорнблауэрлар, Булкинслар, Брейсгирдлилар каби барча қалби пок, қувноқ, гапи тўмтоқ, ҳатто табиати жирканч бўлса ҳам Саквиль-Бэггинсдай ҳоббитларни асоратга соладиган бўлса, жамики жаҳон учун бу қаттиқ зарба бўлади.

- Нега энди бизни биров асоратга солиши керак экан? - сўради елка қисиб қўйган Фродо. - Ёвуз кучга биздай ожиз қуллар нимага керак бўлиши мумкин?

- Тўғрисини айтганда ёвуз куч ҳоббитларга умуман эътибор қилмаган, уларнинг борлигини билмаган. Бундан биз миннатдор бўлишимиз даркор. Аммо энди хавфсизлигингиз барҳам топди. Душман сизнинг хизматингизга эҳтиёж сезмайди – зеро, унинг фойдаси кўпроқ хизматкорлари бисёр, - бироқ у энди сизларни ўз эътиборидан четга чиқармайди. Ҳоббитлар унга эркин, бахтиёр элат сифатида эмас, бахти қаро қуллар сифатида кўпроқ ёқади. Бундан ташқари, хусумат ва қасос деган тушунчалар ҳам бор!

- Қасос? - тушунмади Фродо. - Нега энди қасос? Ҳалигача ҳеч тушуна олмайман, буларнинг бари менга, Бильбога ва бизнинг Узугимизга нима дахли бор?

- Бевосита дахли бор, - жавоб берди Гэндальф. - Ҳақиқий хавфни билмайсиз ҳали, лекин билиб оласиз. Бу ерда сўнгги бор бўлганимда ўзимнинг ҳам ишончим комил эмас эди, мана энди бу ҳақда гап очиш мавриди келди. Узукни бир дақиқага бериб тур.

Фродо камарига маҳкамланган занжирга қадалиб, киссасида сақланаётган Узукни чиқарди-да, занжирдан ажратиб сеҳргарга узатди. Ушбу буюм одатдагидан кўра оғирроқ бўлиб, Гэндальфнинг қўли тегишига ё Фродо, ё Узукнинг ўзи хоҳламагандай бўлди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:18   #18  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Гэндальф соф олтиндан ясалган Узукни қўлига олди.

- Сиртида бирор-бир белги борми? - сўради сеҳргар.

- Йўқ, ҳеч қандай белги йўқ, - жавоб берди Фродо. - Сирти силлиқ, тимдаланган ёки эскириб емирилган аломати кўринмайди.

- Унда бўлса қара!

Фродони ҳайрон-у даҳшатда қолдирган сеҳргар Узукни олди-да камин оловига ташлади. Аянч-ла қичқириб, оташкуракка ташланган Фродони Гэндальф аранг тўхтатиб қолди.

- Шошма! - деди у қалин ўсган қоши остидан Узукка қараб.

Узук ўзгармади. Муайян вақт ўтгач ўрнидан турган Гэндальф дераза тавақаларини ёпиб, пардаларни тортди. Гарчи боғ томондан Сэм ишлатаётган ўроқ шовқини ҳамон эшитилаётган бўлса ҳам, хона қоронғилашиб, жимжит бўлиб қолди. Сеҳргар оловга тикилганча бироз тек тургач, энгашиб оташкуракни олди-да чўғ ичидан Узукни чиқариб Фродога узатди.

- Муздай бўлиши керак, - деди Гэндальф. - Ушла!

Узукни кафтига олган Фродо тилла буюмнинг янада қалинлашиб, оғирлашганини сезди.

- Баландроқ кўтариб, сиртига диққат-ла қара! - буюрди сеҳргар.

Узукнинг ички ва ташқи сиртида ниҳоятда ингичка чизиқлар пайдо бўлиб, нотаниш ҳарфларга айланганча аллақандай жумлалар ҳосил қилди. Сўзлар аниқ кўринаётганига қарамай, ҳарфлар чуқурлик ичида ялтираётгандай бўлмоқда.

- Қандайдир нотаниш, сеҳрли ҳарфлар, ўқий олмаяпман, - деди Фродо титроқ овозда.

- Уларни мен ўқий оламан, - деди Гэндальф. - Бу эльфларнинг қадимий ёзуви бўлиб, Мордор тилида битилган. У тахминан қуйидагича таржима қилинади:

Сўнггиси ва энг қудратлиси – Мордор Ҳукмдорига,
Элатларнинг барини айириб, эркидан маҳрум қилиш,
Курраи заминдаги ўз байтулаҳзанларига қамаб...

Бу мисралар эльфлар ҳақидаги ривоятнинг тегишли жойидан олинган:

Учта узук оқил эльфларга – эзгу ишлари учун,
Еттита узук тоғ гномларига – кончилик нафи учун,
Ўнтаси – Ўрта ер одамларига – ёвузликка хизмати,
Ва қирғин-барот жангларда довюрак бўлишлари учун,
Сўнггиси ва энг қудратлиси – Мордор Ҳукмдорига,
Элатларнинг барини айириб, эркидан маҳрум қилиш,
Курраи заминдаги ўз байтулаҳзанларига қамаб,
Қудратли Мордор Ҳукмдорига қарам қилиш учун.

Бироз сукут сақлаб турган Гэндальф давом этди:

- Бу Чексиз ҳукмронлик узуги, уларнинг барини бошқарадиган Узукдир. У кўплаб асрлар муқаддам йўқотилган ва шу боис душманнинг кучи путур кетган. Душман ўз Узугини қайтариб олмоқчи, лекин Узук унга етиб бормаслиги керак.

Фродо қилт этмай, жим ўтирибди. Назарида кимнингдир қудратли қўли қоп-қора булут сингари шифтдан тушиб, боши устида муаллақ осилиб тургандай гўё.

- Мана шу Узук-а! - дудуқланди у. - Менгача қандай етиб келган у?

- О, бу жуда узун ҳикоя! - деди Гэндальф. - Унинг боши ривоятчи оқинларгина эслайдиган мудҳиш йилларга бориб тақалади. Агар уни бошидан охиригача айтиб берадиган бўлсам, баҳордан қишгача ўтиришимизга тўғри келади. Кеча кечаси мен сенга Зулмат Ҳокими Буюк Саурон ҳақида сўзлаб бердим. Сен эшитган миш-миш гаплар асослидир: у чиндан ҳам яна бош кўтариб Ёвуз ўрмондаги паногоҳини тарк этганча Мордорнинг қоронғи минорасида қадимдан сақланаётган қоқ мурдасига қайтган. Ўша жой номини ҳатто сиз ҳоббитлар ҳам эшитгансиз. Мағлуб бўлгач, унинг кўланкаси ҳамиша ўз шаклини ўзгартириб, яна катталашиб келган.

- Бу нарса менинг давримда бўлиб ўтишини истамайман, - деди Фродо.

- Мен ҳам, - деди Гэндальф. - Бундай даврда яшаганларнинг истаги ўхшаш бўлган. Бироқ бунинг ечими бизнинг ихтиёримизда эмас. Қўлимиздан келадиган иш – ўз давримизда қандай йўл тутишга доир қарор қабул қилишдир. Бизнинг давримиз эса Фродо, афтидан, мудҳиш кечадиган кўринади. Душман тез куч йиғмоқда. Унинг режаси ҳали охиригача пишиб етмаган, лекин ўйлашимча бу узоқ давом этмайди. Биз ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак.

Ўз билим ва қудратига эга бўлиш, ҳар қандай қаршиликни янчиб ташлаш, ҳимоя чораларини енгиб ўтиш, жамики жаҳонни зулмат-ла қамраш учун душманга ҳамон бир нарса, у ҳам бўлса сенинг Узугинг етишмаяпти.

Сеҳри қудратли учта узукни эльф қироллари душмандан яширишга муваффақ бўлишди. Душманнинг қўли ҳеч қачон ўша узукларга тегмаган. Еттита узукка гномлар эгалик қилишган. Аммо еттида узукдан учтаси душман қўлига ўтган бўлса, тўрттасини аждар ютган. Тўққизта узукни у буюк, кибрли, ўлими муқаррар одамларга туҳфа этиб, бу билан уларни йўлдан урган. Қадимда улар душманга қарам бўлиб, Узукнинг руҳи, душман шарпасининг сояси, энг мудҳиш хизматкорларига айланиб қолишди. Кўпдан буён, жуда кўп вақтдан буён ўша тўққизта арвоҳ ташқарига чиқмаган эди. Энди ким билади дейсан? Улкан шарпаси йириклашиб борар экан, хизматкорлари ҳам ушбу ёруғ оламга чиқиб олишлари мумкин. Қўй ўшаларни, Фродо. Баъзи мавзуларни тонг отган бўлса ҳам Ширда тилга олмаган маъқул.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:19   #19  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Шундай қилиб, тўққизта узукни у тўла-тўкис ўзиники қилиб олди, еттита узукнинг муайян қисмини қўлга киритган бўлса, қолган қисми кафолатли йўқ бўлди, учта узук эса ундан батамом бекитилди. Бу уни ташвишга солмайди. Унга фақат битта Узук керак. Зеро, ўша Узукни бир замонлар ўзи ясаган бўлиб, унга қолган узукларни, улар қаерда бўлмасин бошқариши мақсадида қадимий қудратининг аксарият қисмини киритди ва бу билан ҳаммадан кучли бўлишни ният қилди.

Бу ўта хавфли, Фродо. Чунки душман шу кунгача Узукни барбод бўлган, эльфлар уни йўқ қилишган деб ҳисоблаб келган. Энди у Узукнинг йўқолмагани, уни қидириб топиш мумкинлигини билади. Шубҳа йўқки, энди душман астойдил Узук қидирувига тушади, жамики диққат-эътиборини ўз тилла буюмини қидириб топишга жамлайди. Бу унинг катта умидига ва бизга нисбатан туғилган ўта хавфли таҳдидга айланади.

- Бироқ нима учун Узукни шу кунгача ҳеч ким йўқ қилмади? - хитоб қилди Фродо. - Ва қандай қилиб душман шунчалик қадрли Узугини, ўзи шу қадар қудратли бўлишига қарамай йўқотиб қўйди?

Фродо гўё бировнинг қора қўли узатилгандай Узукни кафтига маҳкам сиқиб олди.

- Узукни ундан тортиб олишган, - жавоб берди Гэндальф. - Бир замонлар эльфлар кучли бўлиб, одамларнинг ҳаммаси ҳам ўзини улардан нари тортишмаган. Ғарб аҳолиси равнақ чўққисига чиққан. Бу қадимий тарих ҳодисалари бўлиб, уларни ёдда тутмоқ лозим: ўша даврда ҳам мусибат кўлами ошиб, зулмат жамланиб борган, лекин шу билан бир вақтда изсиз, беҳуда йўқолиб кетмаган ишлар ҳам амалга оширилган. Вақти келиб сенга буларнинг барини айтиб бераман ёки ўша воқеаларни мендан кўра яхшироқ биладиганлар ҳикоя қилиб беришади.

Ҳозир эса Узук қандай қилиб сенгача етиб келганини билишинг кифоя. Эльфлар қироли Гил-Гэлад билан ғарб ўлкаларида яшаган одамлар қироли Элендил Сауронни тенгсиз жангда мағлуб қилишди, гарчи ўзлари ҳам ўша муҳорабада ҳалок бўлишган бўлса-да. Элендилнинг ўғли Исилдур эса Сауроннинг қўлини чопиб ташлаб, Узукни ўзиники қилиб олди. Мағлуб бўлган Сауроннинг руҳи олисларга учиб кетиб, Ёвуз ўрмондаги кўланкаси яна муайян шаклни касб этгунча ўша юртларда узоқ йиллар бекиниб юрди.

Узук йўқотилди. Андуин деб аталадиган азим дарёга тушиб кетган сеҳрли буюм гум бўлди. Дарёнинг шарқий соҳили бўйлаб шимол томон йўл олган Исилдурга Қувонч даласи яқинида пистирма уюштирган тоғ орклари ҳужум қилиб, қўшинини битта қўймай қириб ташлади. Ўзини дарёга ташлаган Исилдурнинг бармоғидаги Узук сирпаниб чиқиб, сув тубида гум бўлди. Кўзга кўриниб қолган Исилдур эса орклар камонидан ўлим топди.

Гэндальф бироз жим бўлиб қолди.

- Шундай қилиб, Узук Қувонч даласи яқинидаги сув ҳавзасига тушганча билим ва афсоналардан шу қадар узоқлаша борди-ки, ҳатто Оқилларнинг Оқ Кенгаши ҳам унинг келгуси қисматидан бехабар қолди. Энди эса ўша ҳодисалар давомини мен биламан.

Орадан кўп йиллар ўтиб, лекин бугунги замонимиздан анча олдин ёввойи ўлка четида, азим дарё соҳилида қўли гул, оёғи чаққон пакана халқ яшаган. Фикримча, ўша халқ ҳоббитларнинг қадимий элати, сторларнинг узоқ қариндоши бўлган. Чунки улар дарёни жуда яхши кўришган, унда тез-тез чўмилиб, соҳилдан соҳилга сузиб ўтиш учун қамишдан катта-кичик қайиғ-у, соллар ясашган.

Ушбу халқ орасида бошқа сулоларга нисбатан каттароқ, анчагина давлатманд, обрўли сулола бўлиб, уни қадимий ривоятларни яхши биладиган, қаттиққўл, оқил, ёши анчага борган аёл бошқарган. Ўша оиланинг ҳар нарсага қизиқиб қарайдиган Смеагорл исмли аъзоси бўлган. У турли ўсимликлар илдизини ўрганар, дарё гирдобига шўнғир, кўҳна дарахтлар остида уя қазир эди. У нигоҳини ҳамиша ерга қадаб, тоғ чўққилари, дарахт барглари, ўсимлик гули каби гўзалликларга қарамай юрган.

Смеагорл Диагорл исмли ҳоббит билан дўст тутинган. Ўткир кўзли Диагорл Смеагорлдай абжир, кучли бўлмаган. Кунлардан бир кун икковлон қайиққа ўтириб, гулсапсар қалин ўсган, қамишзори гуллаган Қувонч даласи томон йўл олди. Манзилга етгач, Смеагорл сувга шўнғиб, қирғоқ яқинида сузди. Қайиқда қолган Диагорл эса қармоқ ташлаб балиқ овлади. Қармоққа илинган йирик балиқ Диагорлга эс-ҳушини йиғиб олишга қўймай сувга тортиб, дарё тубига ғарқ қилди. Қармоқни қўлдан чиқариб юборган Диагорл дарё тубида нимадир йилтиллаётганини кўриб, дамини чиқармай ялтироқ буюмни чангаллаб олди.

Сочига сув ўтлари ёпишган, бошдан-оёқ балчиққа беланган Диагорл бир амаллаб қирғоққа чиқиб олгач роса сув туфлади. Ўзига келгач, муштидаги лойни ювиб кафтида қолган ниҳоятда чиройли тилла Узукни кўрди. Қуёш нурида товланаётган Узук Диагорлнинг кўзини қувонтирди. Дарахт ортида кузатиб турган Смеагорл топилмасидан севинаётган Диагорлнинг ёнига писиб келди.

- Менга бер уни, қадрдоним! - деди Смеагорл дўстининг елкаси узра Узукка қараб.

- Нега энди сенга беришим керак экан уни? - таажжубланди Диагорл.

- Чунки бугун менинг туғилган куним, қадрдоним, - деди Смеагорл. - Узукни туғилган кунимга совға сифатида туҳфа қилишингни истайман.

- Истагинг билан нима ишим бор, - рад этди Диагорл. - Қолаверса мен сенга совға бердим, жуда қимматбаҳо совға эди у. Узукни эса мен топдим, ўзим эгалик қиламан унга.

- Оббо қадрдонимей, шунақа дегин?!

Узукнинг сеҳридан таъсирланган Смеагорл кутилмаганда дўсти Диагорлга ташланиб, тагига босиб олганча бўғиб ўлдирди. Мудҳиш жиноятини якунига етказгач, қотиллик-ла қўлга киритилган Узукни бармоғига тақди.

Диагорл қаёққа ғойиб бўлгани, унга нима қилганини ҳеч ким билмади. Чунки у уйидан анча олисда ўлдирилган бўлиб, жасади устомонлик-ла бекитилган эди. Смеагорл қишлоққа ёлғиз ўзи қайтди ва фаҳмлашича, Узук бармоғига тақилган ҳолатда уни ҳеч ким кўрмади. Бундан у ниҳоятда севиниб, Узукнинг ушбу хусусиятини сир сақлашга аҳд қилди. Шундан сўнг у Узук воситасида бировларнинг сирларидан воқиф бўлиб, бундай маълумотлардан нопок, ёвуз мақсадларда фойдаланди. Ўзига зиён етказадиган ҳар қандай нарсани тез кўрадиган, аниқ эшитадиган бўлди. Узук унга ўз мойилликларини қаноатлантириш имконини берди. Қабиладошлар уни ёмон кўриб қолгани бежиз эмас. Улар Смеагорлдан нари юрадиган, яқин келса тепиб ҳайдашадиган бўлишди, Смеагорл эса зоҳиран кўринмас бўлиб, уларни чалиш билан овора бўлди. Вақт ўтиб Смеагорл ўғирликка қўл урди, ўзи билан ўзи гаплашиб юрадиган одат чиқарди. Бинобарин, унга Голлум лақаби берилиб, қабиладан лаънат-ла ҳайдаб юборилди. Смеагорлнинг энаси, сулоланинг қари раҳнамоси, қабилада тинчлик сақланишини истаган кекса аёл Голлумни оиладан қувиб солди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 29.09.2019 08:20   #20  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,958
+ 6,220  7,276/2,049
– 77  328/175

UzbekistanFacebook
Дунё ишларининг шавқатсизлигидан шикоят қилган Голлум танҳо ўзи дарё оқимига қарши йўналишда сафарга чиқди, тоғдан оқиб тушаётган жилғага етгач, унинг оқими бўйлаб юрганча тоққа кўтарилди. Кўринмас қўли билан сув айланмасида балиқ овлаб хомича ейишга одатланди. Жазирама кунлардан бирида сувга энгашган Голлумнинг кўзини қуёш акси қамаштириб қаттиқ оғритди. Қуёшнинг нималигини унутиб юборган Голлум уни кўп йиллардан буён илк бор кўриб, қуёш аксига мушт-ла таҳдид қилди.

Юқоридан пастга қараган Голлум Ғуборли тоғларнинг жилғалар оқиб тушаётган олис чўққиларини кўрди. «Анави тоғ ости анча салқин, қоронғи бўлиб, у ерда қуёш менга ета олмаса керагов, - хаёлдан ўтказди Голлум. - Тоғ асоси – мукаммал асос бўлиб, шу кунгача ҳамма учун махфий бўлганча қолаётган улуғ сирларни бекитиб келаётгани турган гап».

Кечалари Ғуборли тоғлар тизмасида кезиб юрган Голлум ниҳоят жилға сизиб чиқаётган ғорни топишга муваффақ бўлди. Чувалчанг сингари тоғ қаърига сингиб кетган Голлум ҳамманинг кўз ўнгидан ғойиб бўлди. У билан бирга Узук ҳам тоғ ичига кириб кетди, ҳатто кучи тобора ошиб бораётган Узук бунёдкори ҳам бундан бехабар қолди.

- Голлум! - хитоб қилди Фродо. - Голлум?... Бильбога дуч келган ўша Голлумда бу, а? Жирканч махлуқ!

- Ўша учрашув жуда ғамгин ҳодиса бўлиб, фикримча, мен билган ҳоббитларнинг ҳар қайси бири бошдан ўтказиши мумкин эди.

- Голлумнинг ҳоббитларга дахлдорлигига, бизнинг узоқ элатдошимиз эканлигига ҳеч ишонгим келмайди, - деди Фродо. - Қандай мудҳиш ҳодиса экан-а, бу?!

- Мудҳиш бўлса-да, ҳақиқий ҳодиса у, - жавоб берди сеҳргар. - Ҳоббитларнинг келиб чиқиш масаласига келсак, буни мен ҳар қандай ҳоббитдан кўра яхшироқ биламан. Ҳатто Бильбонинг бошидан ўтган ишларнинг ҳам бу билан маълум бир умумийлиги бор. Бильбо билан Голлумнинг онги ва хотирасида умумий жиҳатлар кўп бўлган. Улар бир-бирини яхши тушунишган, мулоҳазаларини ҳоббит билан гном ёки орк ёхуд эльф ўртасида ўтадиган мулоқотдан кўра яхши англашган. Масалан, жавобини иккаласи ҳам билган топишмоқларни эсла.

- Ҳа, шундай, - деди Фродо. - Гарчи бошқа халқлар ҳам аксарияти мазмунан бизнинг топишмоқларга ўхшаш топишмоқ айтишса-да. Ҳоббитлар товламачилик қилишмайди. Голлум эса нуқул алдаб келган. Бильбони ғафлатда қолдиришга уринган. Ўйлашимча, осон ўлжа билан ўйнашиш унинг ёвуз табиати учун эрмак бўлган.

- Тўғри айтасан, - маъқуллади Гэндальф. - Лекин ўйлашимча, бунда сен кўрмаётган айрим нарсалар ҳам бор. Ҳатто Голлум ҳам Узукка батамом қарам бўлиб қолмаган. У оқиллар тахмин қилгандан ҳам кучли бўлиб чиқди. Тўғри-да, ахир у бир вақтлар ҳоббит бўлган. Миясининг бир бурчаги ўзиники бўлганча қолган ва айнан мана шу бурчак зулмат қаъридаги тирқиш сингари ўтмишдаги рўшнолик нурини ўтказиб борган. Фикримча, шамол ва дарахтларни, қуёш ва майсани ва шу каби аллақачон унутилган нарсаларни эслатадиган ўтмиш садосини яна эшитиш ёқимли кечса керак.

Бироқ бу ҳолат табиатининг ёвуз қисмини янада ёвузлаштириб борган, - чуқур хўрсинди Гэндальф. - Афсуски, ундан умид йўқ! Зиғирдай бўлсин, умид қолмаган. Гарчи тоғ қаъридаги зулматда эҳтиёж туғилмагани боис Узукдан кўп фойдаланмаган бўлса-да, унга ҳаддан ортиқ узоқ эгалик қилган. Шу сабабдан ҳам вужуди батамом «сўниб» битмаган. Голлум озиб-тўзиб кетганидан ташқари, Узук унинг миясини еб тугатиб борган. Бу эса чидаб бўлмас жафонинг ўзгинасидир.

У ўйлаган «улуғ сирлар»нинг бари пуч бўлиб чиқди: излайдиган нарсанинг, қиладиган ишнинг ўзи бўлмади, фақат ўлжа еб, хотира ила яшаш билан машғул бўлди. Голлум ниҳоятда бадбахт бўлиб, зулматдан нафратланди, ёруғликни ундан-да баттар ёмон кўрди. У ҳамма нарсага, айниқса, Узукка нафрат-ла қарайдиган бўлиб қолди.

- Узукка нафрат-ла қарайдиган бўлиб қолди? - таажжубланди Фродо. - Узук унинг малоҳати эмасмиди?! Қадрлайдиган ягона буюми Узук бўлган-у?! Шунчалик нафратланган экан, нега уни бирон ерда қолдириб кетиб, халос бўлмади?

- Шунча гапни эшитиб бир нарсани тушунишинг керак, Фродо, - деди Гэндальф. - Голлум ўзидан нафратланиб, ўзига маҳлиё бўлгандай, Узукни ҳам яхши кўриб, ҳам нафратланган. У Узукдан ўз хоҳиши ила халос бўла олмаган. Бнинг учун унга ирода-ю, журъат етмаган.

Ҳукмдорлик Узуги ўзини ўзи идора қилади, Фродо. Хиёнаткорона иш тутиб соҳибининг бармоғидан сирпаниб тушиши мумкинки, соҳиби ўз хоҳиши билан ундан халос бўла олмайди. Узук соҳибининг қўлидан келадиган ягона иш – ушбу буюмни бошқа бировга топшириш ғояси ила кезиб юришдир. Бу ҳам бўлса буюмга эгаликнинг дастлабки палласида, яъни Узук ўзининг навбатдаги соҳибини ўзига қарам қилиб олмасидан олдин рўй бериши мумкин. Билишимча, Бильбо бундай ғояни Узук тарихида биринчи бўлиб рўёбга чиқара олди, гарчи бунинг учун менга борки куч-ғайратимни ишга солишга тўғри келган бўлса-да. Аммо менинг ёрдамим билан ҳам бу ишни уддалай олиши амри маҳол эди. Голлум эмас Узукнинг ўзи ҳал қилади ўз қисматини, Фродо. Узук Голлумни тарк этган.

- Бильбо билан учрашиш мақсадида, албатта, шундайми? - деди Фродо. - Бирор бир орк муносиброқ бўлмасмиди унга?

- Кулгили ери йўқ бунинг. Айниқса, сен истеҳзо қилма, Фродо, - жавоб берди Гэндальф. - Бильбо ўз вақтида пайдо бўлиб, қоронғиликда Узукни бармоғига тақиб олгани – Узук тарихидаги энг ғалати ҳолатдир.

Бу ерда таъсир ўтказаётган куч битта эмас кўпроқ, Фродо. Узук ҳамиша ўз ҳукмдорининг ихтиёрига қайтишга уринади. У Исилдурга, бармоғидан сирпаниб чиқиб хиёнат қилди. Имкон туғилиши билан шўрлик Диагорлни қарам қилиб, ўлим топишига сабабчи бўлди. Вақт ўтиб у Голлумни ҳам тарк этди. Чунки пакана, заиф Голлум ҳеч қачон тоғ қаъридан ташқарига чиқмас эди. Ёвуз ўрмонда уйғонган ҳукмдори ўз ниятини юборгач, Узук, тасаввур қилиниши ниҳоятда қийин кечадиган бир жонзот – Ширдан келиб қолган Бильбо томонидан топиб олиниши учун Голлумни тарк этди!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2023, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх